“MUHAMMAD IBN AHMAD AL-BERUNIY” O‘RTA MAXSUS ISLOM BILIM YURTI

Bilim yurtida talabalar zamon talablariga mos bilim olishi uchun barcha qulay imkoniyatlar yaratib berilgan. Xususan, eng zamonaviy o‘quv qurollari bilan jihozlangan o‘quv xonalari, axborot-resurs markazi, tahoratxona, oshxona, yotoqxona, sport zali, mini futbol maydonchasi, salomatlik xonasi, sartaroshxona talabalar ixtiyorida.

“Qur’oni karim va tajvid” pullik o‘quv kurslari

O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining “Diniy-ma`rifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi 2018 yil 16 apreldagi PF-5416-sonli Farmoni bilan tasdiqlangan chora-tadbirlar Dasturining 6-bandida belgilangan vazifalar ijrosini ta`minlash maqsadida O‘zbekiston musulmonlari idorasining 2018 yil 30 apreldagi 01A/056-sonli buyrug‘i tasdiqlandi. Shu munosabat bilan Muhammad ibn Ahmad al-Bernuiy madrasasida 2018 yil 10 iyundan boshlab “Qur’oni karim va tajvid” o‘rgatish bo‘yicha pullik o‘quv kurslari tashkil etildi.

Axborot resurs markazi

“Muhammad ibn Ahmad al-Beruniy” orta maxsus islom bilim yurti axborot resurs markazi fondida jami 17756 ta kitob saqlanmoqda. Shundan, 1505 umumta`lim adabiyotlari, 4085 ta maxsus fanlardan darslar, 764 ijtimoiy-iqtisodiy adabiyotlar, 7340 ta ilmiy-ommabop adabiyotlar, 919 ta elektron adabiyotlarni tashkil etadi.

Kurslar

2018-jıl 10-iyunnan baslap “Quranı kárim hám tájwid” úyretiw boyınsha pullı oqıw kursları shólkemlestirildi.

Talabalar

Búgingi kúnge kelip bilim jurtında 148 talabaǵa 21 oqıtıwshı tárepinen tálim-tárbiya berip kelinbekte.

Jetiskenliklerimiz

Bilim jurtı oqıtıwshıları hám talabaları ótkerilip kelinetuǵın túrli taǹlawlarda qatnasıp joqarı orınlardı iyelep kelmekte.

Ҳанафий мазҳабининг вужудга келиши

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг динини бандаларига етказишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб, 23 йил мобайнида мукаммал қилиб берди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

اليوم اكملت لكم دينكم و اتممت عليكم نعمتي ورضيت لكم الاسلام دينا

Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим”,[1]деб айтган.

  Ислом динини мукаммал бўлиши Аллоҳ тарафидан биз бандаларга энг катта неъмат бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдинги пайғамбарлар каби фақатгина ўз қавмларигагина эмас, балки инсониятнинг барчасига Ҳақ субҳанаҳу ва таоло айтганидек:

قل يا ا يها الناس اني رسول الله اليكم جميعا

Сен: Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, Аллоҳнинг расулиман, деб айт”[2] пайғамбар қилиб юборилдилар.  Пайғамбар алайҳис-салом бу ўта масъулиятли вазифаниقم فانذر “ Тур ва огоҳлантир”[3] ояти нозил бўлганидан бошлаб, умрларининг охиригача, яъни дин мукаммал бўлгунига қадар  Аллоҳнинг омонатини саҳобаларга беками-кўст етказдилар ва шу йиллар давомида саҳобаларга У зотнинг динини қай йўсинда тарқатиш лозимлигини тушунтириб бордилар. Саҳобалар Пайғамбар алайҳис-саломнинг барча буйруқларига амал қилишиб, бу ишлари билан фақат Ҳақ таъолонинг розилигини талаб қилдилар. Улар фақат муаллимлари кўрсатган йўлдан юриб, гўё бир тана ва бир жон эдилар. Аввало, бу муборак дин Арабистон ярим оролида кенг тарқалиб, тез суръатда дунё  юзини кўрди. Саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги кишилар барча қийинчиликларга матонат билан туриб, пайғамбарлари ташлаб кетган омонатни шу қадар чиройли етказганлари туфайли, халқлар бу динга тўп-тўп бўлиб киришди. Дин таълимотлари жамият ичида мукаммал бўлган  аввалги даврида, Ислом уммати ичида кўзга ташланадиган жиддий муаммолар деярли туғилмади. Кейинчалик  дин атрофга кенг тарқалиши билан айрим Исломни юзаки қабул қилган кишилар туфайли баъзи тушунмовчиликлар ҳам пайдо бўла бошлади. Бундай ҳодисалар хулафои рошидинлар, хусусан, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумоларнинг халифалик вақтларида турли хил зиддиятлар оқибатида кучая борди. Тарихдан маълумки бу машъум ҳодисалар туфайли Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар ноҳақдан ўлдирилдилар. Бундай жирканч ишни  хаворижлар каби Қуръон ва суннатга зид разил тоифалардан бошқа ҳеч ким қилмайди. Бора-бора буларнинг сони ва тури ҳам кўпайиб борди. Мўътазилийлар, жаҳмийлар, қадарийлар шулар жумласидандир. Лекин бундай гуруҳларга ўша даврдаги халифалар томонидан  умуман имкон берилмасди. Шу билан бирга, жамиятда бундай нопок ақидалар кўпайиб кетмаслиги ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган омонатни соф ҳолда келажак авлодга етказиш учун уламолар ҳам катта жонбозлик кўрсатишди. Бу таълимотни уламолар дастлаб алоҳида фан сифатида эмас, умумий тарзда олиб борар эдилар. Турли нопок ақидалар кўпайгани туфайли улар Исломнинг асосларини тўғри тушинтиришга бел боғлашди. Бу ҳодисалар ақоид илмини ривожланишига туртки бўлди.  Вақт ўтиши билан бошқа фанларга ҳам асос солинди ва натижада бу илм ривожланиши билан бирга ҳадис ва фиқҳга ҳам катта эътибор берилиб кенг тарқалди. Макка ва Мадинада асосан ҳадисга эътибор берилган бўлса, ажамлар ери бўлган Ироқда, ҳадис ва фиқҳга катта эътибор қаратилди.

Бағдод ўша даврнинг кўзга кўринган тижорат марказларидан бўлиб, аҳоли турли миллатлардан ташкил топган эди.

Ундан ташқари бу минтақаларда деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик яхши йўлга қўйилиб, турли даражадаги шахслар ҳам топиларди. Уларнинг мана шундай тараққий этиб турган даврида сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этишда жамиятдаги кишиларга оят ёки ҳадис матнини келтиришдан кўра масалани жавобини тўғридан-тўғри айтиш қулай эди. Воқеликда кечаётган бундай ҳодисалар уламоларни ижтиҳод қилишга ундади. Табийки, бу нарса оят ва ҳадис асосида бўлиши керак эди. Дастлаб Ироқ ўлкасида фиқҳ мактабига асос солган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васалламнинг улуғ фақиҳ саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эди. Бу ўлкада у кишининг кўп меҳнатлари туфайли  фиқҳ ривожланиб, янги-янги фиқҳий мактабларга асос солинди. Уламолар Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим саҳобаларга ижтиҳод қилишга рухсат берганликларини далил қилишиб, фақат Аллоҳнинг ризолигини истаб бу ўта масъулиятли ва шарафли ишга қўл уришди. Кейинги уламолар ўша пайтни “ижтиҳоднинг гуллаган даври,”-деб эътироф қилишади. Мужтаҳид уламолар бу илмни  жуда пухта эгаллаб шаръий манбалар асосида ўз мазҳаблари қонун-қоидаларини ишлаб чиқишди. Улар бу қоидаларни тузиб, ҳукмларни истинбот қилишда ҳеч кимга тақлид қилмадилар. Ўша даврда фиқҳий мактаби кенг тарқалиб, машҳур бўлган уламолар сирасига Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Суфён Саврий, Ибн Абу Лайло, Муҳаммад ибн Абдураҳмон, Абдураҳмон Авзаъий, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар киради. Кейинчалик бу мактаблардан тўрттаси кенг тарқалиб, фиқҳий мазҳаб тушунчаси буларнинг ўзига хосланиб қолди. Булар Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбалларнинг мазҳабларидир. Бу мужтаҳидларнинг иттифоқи қатъий ҳужжат, ихтилофлари эса кенг раҳматдир.

Ҳанафийлик мактаби. Бу мактаб бевосита Абу Ҳанифа номи билан таниқли бўлган Нўъмон ибн Собит ибн Зувто[4] раҳматуллоҳу алайҳга боғлиқ. У киши ҳижрий 80 ҳижрий (мелодий 699) йил Куфа шаҳрида таваллуд топиб, 150 ҳижрий (мелодий 767)йил шаввол ойида Бағдод шаҳрида вафот этганлар. Васиятларига кўра Хайзурон қабристонига дафн қилинганлар.[5] Баъзи тарихчилар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни Термиз, Наса, Анбор шаҳридан бўлган дейишади. Оталари  катта савдогар бўлиб, асосан мато сотиш билан шуғулланар эди. Тижорат ишлари билан кўп шаҳарларда, хусусан, юқорида зикр қилинган жойларда ҳам яшаб, ўз ишларини олиб борган. Шунинг учун тарихчилар бу кишига ўша шаҳарларнинг нисбатини берган бўлсалар керак. Аксар уламолар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг табаъа-тобеин деб ҳисоблайдилар. Ёшлик чоғларида Қуръонни қироат устозларидан бўлган Осим раҳматуллоҳи алайҳда таълим олганлар.[6] Оталари катта тижоратчи бўлганлиги учун вояга етгач, оталаридан тижорат сир-синоатларини ўрганиб, асосан шу касб билан шуғулландилар. Ўша даврнинг зиёли кишилари бу зотдаги зийраклик ва ақлу фаросатини кўриб, илм олишни маслаҳат берганлар. Дастлаб ақоид илмини ўрганиб, замонасининг юксак олимларидан бўлиб етишдилар. Бир қанча вақт мана шу илм билан шуғулланиб, баъзи тоифалар билан ҳам мужодала қилиб юрдилар. Бироз ўтгач, қилаётган ишларини яхшилаб тадаббур қилиб, ундан жамиятга бўлаётган фойдани кўп эмаслигини англаб, бу ишдан қайтдилар.  Шогирдлари Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ у зотдан қуйидаги воқеани ривоят қиладилар: ” Илми калом билан кўп шуғулланиб, бу илмда юқори даражага кўтарилдим. Шу пайтлар биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг дарс ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Кунларнинг бирида бир аёл келиб, мендан: “Бир киши аёлини суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлса, қандай талоқ қилади”, деб сўради. Буни Ҳаммоддан сўра, бу ҳақда билганингдан кейин, жавобини менга ҳам айтиб кет, деб тайинладим. У Ҳаммоддан сўраганда қуйидагича жавоб берибди: “Аёл ҳайз ва жинсий яқинликдан пок бўлгач, бир талоқ қўяди. Кейин шу ҳолат икки марта бўлгунича унга яқинлашмайди (жинсий алоқа қилмайди). Бу муддат ўтиб, у ғусл қилса, бошқа кишилар унга никоҳланиши ҳалол бўлади”. Бу ҳолатдан қаттиқ таъсирландимда, мени калом илмига ҳеч эҳтиёжим қолмабди, деб кавушимни олиб Ҳаммоднинг дарс ҳалқасига бордим. Дарс мобайнида унинг масалаларини диққат билан эшитиб, ёдлар эдим. Кейинги куни дарс топширишда шерикларим хато қиларди. Мен эса тўғри жавоб берардим. Шунда Ҳаммод менинг хузуримда Нўъмондан бошқаси ўтирмасин, деб тайинлади”.[7] Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устозининг ҳузурида йигирма икки ёшидан бошлаб, ўн саккиз йил мобайнида узлуксиз, бошқа устозга бормасдан илм ўрганди. Қирқ ёшларида устозлари вафот этди. Кейин устозини ўрнига ўтиб,  таълим ишларини давом эттирди. Шу зайлда ўз мактабига ҳам асос солди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ фиқҳга доир китоб ёзмаганлар. Фақатгина ақоидга тегишли саноқли китоб талиф қилганлар.” Фиқҳул акбар”, “Ар-родду алал-Қодария” номли китоблар шулар жумласидан. Фиқҳга тааллуқли масалаларни у кишидан катта шогирдлари Абу Юсуф ва имом Муҳаммад роҳматуллоҳу алайҳлар ривоят қилиб китоблар ёзишган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўттиз йиллик дарс бериш жараёнида атрофига жуда ҳам кўп талабалар келиб таҳсил олишди. Булардан бир нечтаси машҳур бўлиб, бу мактабни кенг тарқалиб ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Масалан, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ (113-182ҳ.) қозилар қозиси бўлиб танилди. Имом Муҳаммад (132-189ҳ.) эса Ҳанафий мазҳабини ҳофизи деб тан олинди. Имом Зуфар (110-158ҳ.) эса қиёсда илғор бўлиб, ҳатто  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари Зуфар бизнинг қиёсимиз деб мақтаганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак  (118-181ҳ.)тўғри фикр беришда пешво эди. Вакиъ ибн Жарроҳ зоҳид ва муфассир эдилар. Ҳафс ибн Ғиёс эса қозиликда ўта зийрак ва фаросатли эди. Бундан бошқа кўплаб шогирдлари ҳам, ҳар бир йўналишда машҳур бўлганлар. Ҳатто бошқа мазҳаб соҳиблари ҳам, хусусан, имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ фиқҳни имом Муҳаммаддан ўрганганлар, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ эса имом Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шогирди бўлган. Имом Молик Абу Ҳанифа ҳақларида “ У фиқҳ аҳлининг энг яхши ҳамроҳи”, имом Шофеъий эса, “ Барча инсонлар фиқҳда Абу Ҳанифага боғлангандур,”-деганлар. Дарҳақиқат, Ҳанафий уламоларимизга Аллоҳ таоло тарафидан бир сирли куч-қувват ато қилинди. Улар бу улуғ неъмат билан фиқҳ ва ижтиҳодда уламолар пешқадами бўлиб, раъй ва ҳадис илмида олий мартаба соҳиблари бўлдилар.

Мазҳабнинг тарқалиши. Ҳанафий мазҳаби ўзига хос хусусиятлар билан бошқа мазҳаблардан ажралиб турди. Жамиятда топиладиган ҳар қандай муаммони ҳал қилишда бу мазҳаб тузган усуллар асосида ечиш осон бўлгани учун атрофга тез суратда тарқалди. Ҳозирда ҳам Ислом оламида бу мазҳаб энг кўп тарқалган.“Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар” китобида келган маълумотларга кўра, суннийларнинг 47%ни Ҳанафийлар, 27%ни Шофеъийлар, 17%ни Моликийлар, 1.5%ни Ҳанбалилар ташкил қилиши айтиб ўтилган.[8] “ Кифоя” китобида мазҳабни тарқалишига учта сабаб кўрсатилган.

1.Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари кўплиги ва уларнинг ўз устозлари ижтиҳоди самараларини тарқатишга катта аҳамият беришлари. Улар Ҳанафий мазҳаб фиқҳининг асосларини баён қилдилар ва устозларига оз нарсада хилоф қилиб, кўп нарсада мувофиқ бўлдилар.

2.Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларининг шогирдлари ҳам ҳукмларнинг далил ва сабабларини ҳаммага баён қилиб бердилар.

3.Ҳанафий мазҳаби беш юз йилдан ортиқ даврда аббосийлар давлатининг расмий мазҳаби бўлиб турган. Халифа Ҳорун ар-Рашид имом Абу Юсуфни қози этиб тайинлаган.Ўз навбатида Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бошқа қозиларни тайинлар эдилар. Учинчи омилни Абдулҳай Лакнавий “ Шарҳул виқоя” китобига ёзган ҳошияси муқаддимасида асосий сабаб деб таъкидлайди.[9] Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ вафотларидан кейин ўғиллари Юсуф ҳам бу вазифада бир муддат ишлади. Отаси тириклик чоғида у Бағдод қози ёрдамчиси вазифасини бажарарди. Имом Муҳаммад ҳам шу даврда Руққа шаҳрида қози бўлиб,[10]сермаҳсул меҳнат ва ижодлари туфайли бу мазҳаб янада ривож топиб, халқ орасида кенг тарқалиб борди.

Аббосийлар, хусусан, Ҳорун Рашид даврида ўз давлатларини бу мазҳаб асосида иш юритишларида, бир нечта сабаблар бор.

Биринчи: Аввало жамият ичида кенг тарқалиши мумкин бўлган нотўғри ақидаларни олдини олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламдан қолган йўлни соф ҳолатда ушлаб қолиш ва келгуси авлодга етказиш.

Иккинчи: Ҳанафий мазҳаби Ироқ ўлкасидан тарқалган бўлиб, шу мазҳабга биноан жамият ичидаги турли хил  масалалар тез фурсатда ҳал бўларди. Бу нарса мазҳаб асосчилари Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва барча шогирдларининг ақида, фиқҳ ва бошқа кўп илмларда етук муаллим бўлганлигини кўрсатади.

Учинчи: Жамият ичида Ҳанафийларни юксак обрўда эканлиги. Бошқа мазҳаблар эса, атрофга ҳали кўп тарқалмаганлиги ва кўп бошлиқлар бу мазҳаб вакилларини ҳурмат қилиши. Мана шу жиҳатлар билан улар халқни беш асрдан кўпроқ вақт мобайнида бошқариб боришди.Бундан ташқари, Ҳанафий уламолари таълиф қилган китоблар ҳам шу даражада чуқур маъноли, оддий ва оммабоплиги билан нафақат бошқа мазҳаб эгаларини, балки айрим ғайридинларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказган.

Шофеъий мазҳабининг асосчиси Имом Шофеъий фиқҳни имом Муҳаммаддан ўрганганлар. Шофеъий раҳимаҳуллоҳ  имом Муҳаммаднинг “ Мабсут” асарини ёд олиб, шу асар асосида “Ум” номли китобини талиф қилади. Бу асарни аҳли китоблардан бўлган бир ҳаким киши мутолаа қилиб, мусулмон бўлади. У киши “Кичкина Муҳаммадингиз (Шофеъий) китоби шу даражада бўлса, катта Муҳаммадингиз ( имом Муҳамад) китоби қандай экан,” деб, ҳайратда қолди.[11] Юқорида айтилганидек, Ҳанафий мазҳабини халқ орасида кенг ва осон тарқалишига сабаб, жамиятда пайдо бўладиган маънавий, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳар қандай муаммолар, мазҳаб асосчилари шариатнинг асосий манбаларидан ишлаб чиқаришган қонунлар асосида жадаллик билан ҳал қилинишини айтиб ўтилган еди. Бу нарса эса мазҳабни жуда пухта ва мустаҳкам ишланганлигидан далолат беради. Воқеликда рўй бераётган бундай ҳодисалар “ Усулул-фиқҳ” фанининг асос солинишига сабаб бўлди. Бу фанга доир барча қонун-қоидаларни биринчи бўлиб, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ алоҳида бир рисола қилиб жамлаганлар. Лекин, минг афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. Бу фанда бизгача етиб келган энг дастлаб ёзилган китоб имом Шофеъийнинг Рисола номли асаридир. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ уламолар орасида ушбу фан асосчиси сифатида машҳурдирлар. Аммо мутааххир Ҳанафий фақиҳларимиз “ Усулул-фиқҳ” фанида кўп изланишлар олиб бориб, талайгина асарлар таълиф қилишди. Абу Бакр Жассоснинг “ Китобул-усул,” Абу Зайд Дабусийнинг “ Тақвимул-адилла”, Фаҳрул-Ислом Баздавийнинг” Китобул-усул”, Ҳофизиддин Насафийнинг “ Манор” каби китоблар шулар жумласидандир.

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси: М.Нарманов


[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Моида сураси 3-оят. – Т., – 2008. 2- жуз,  – Б.9. Қуйида келадиган барча оятлар таржимаси мазкур асардан олинди.

[2]  Аъроф сураси.158-оят. 2-жуз.  – Б. 405.

[3]  Муддассир сураси.2-оят. 6-жуз. –  Б. 298.

[4] Мактабатуш-шомила. Табақотус-суннийя фи тарожими Ҳанафийя.  – Б.24.

[5] Мактабату мишкатил-исламийя . Абдурроҳман ибн Абулвафо. Жавохирул-музийа.  – Б.609.

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя, 1-жилд. –  Т. , 2008. –  Б. 40.

[7] Мактабатуш- шамила, Тарихи Боғдод, 13-жуз. –  Б.333.

[8] Ҳусниддинов З. Ислом:йўналишлар, мазҳаблар,оқимлар.  – Т. , 2000. –  Б. 9.

[9]   Лакнавий А. Шарҳул-виқоянинг ҳошияси  Умдатур-риоя  муқаддимаси. – 1316 ҳ.  – Б.7.

[10] Жўзжоний А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги.  – Т. , 2002. –  Б.162.

[11] Афғоний А. Мабсут китобининг мусаҳҳиҳ  муқадимаси.  – Байрут. ,1990.  – Б.7.