Бугун, 23 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида энг нуфузли ташкилот ҳисобланган Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашнинг 46-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ислом олами уюшмаси Олий Кенгаши аъзолигига қабул қилинганлари тўғрисида ушбу йиғилишда қарор қилинди. Ушбу аъзолик Муфтий ҳазратлари фаолиятлари давомидаги тўртинчи йирик ташкилотга аъзо бўлишларидир. Булар – Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА), Исломий фиқҳ академияси (Саудия Арабистони) ва Ислом олами уюшмаси Олий Кенгаши (Саудия Арабистони) кабилардир.
Риёз шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Кувайт, Қатар, Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлардан келган вазирлар, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этди.
Анжуманда бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтириш, хусусан, Фаластин ва Ғазо минтақасидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ислом уммати бирлигига эришиш, айрим мусулмон мамлакатларидаги нохуш ҳолатларни ислоҳ қилиш, Роҳинжа мусулмонларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний рамзларнинг таҳқирланиши, айниқса, Қуръони каримни ёқиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ва исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалалар муҳокама қилинди…