Етти машҳур қироат имомларидан бири Али ибн Ҳамза Кисоий роҳимаҳуллоҳ
Имом Абул Ҳасан Алий ибн Ҳамза ибн Абдуллох ибн Баҳман ибн Файруз ал-Кисоий ал-Куфий асли насаби Ироқлик форслардан бўлган. Куфада ҳижрий 120 йилларда таваллуд топган. Кисоий деб номланишига сабаб, Ҳамзанинг дарсларига кийимга ўраниб келиши, дейишади. Бошқа маълумотга кўра эса либосда эҳром боғлагани учун «Кисоий» деб аташган. Абу Абдуллоҳ ҳам дейилади.
Бағдоднинг луғат, наҳв, қироат имомларидан ҳисобланади. Ҳамза аз-Зайётдан сўнг қироат ва араб тили имоми бўлди. Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллом «Китоб ал-кироат» асарида шундай дейди: Кисоий қироатларни ихтиёр қилган ва Ҳамзанинг қироати усулларидан баъзисини олиб, айримларини олмаган. У қироат аҳлидан эди. Қироат борасида ундан кўра мустаҳкам ва пухта ҳеч ким билан ўтирмаганмиз».
Имом Шофеъий айтади: «Ким наҳв илмига шўнғишни хоҳласа, демак у Кисоийнинг оиласидир». Кисоий нахвни ўрта яшарлик чоғларидан ўрганган.
Бағдодда Ҳорун Рашид ва унинг фарзанди Аминга таълим берди. Халифа Кисоийни улуғлаган ва у ҳақида шундай деган: «Ундан афзал ва тақводорроқ Куръон ва араб тилини билувчироқ ҳеч бир кишини кўрмадим».
Кисоий «Маъоний ал-Куръон», Ал-муташобиҳ фил- Куръон», «Ма ялҳану фиҳил-ароб», «Мактуъ ал-Курьон», «Мухтасар фин-наҳв», «Китоб ан-наводир ал-кабир вал- авсат вас-сағир», «Ал-масодир», «Китоб ал-ҳуруф, «Ал- кироат», «Ал-адад», «Ал-ҳоат», «Ал-ҳижо» номли асарлар муаллифи.
Устозлари: Ал-Аъмаш Сулаймон ибн Миҳрон, Осим ибн Абу ан-Нажуд, Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт (Ҳамзага тўрт марта Куръонни ўқиб берган), Абу Бакр ибн Айёш, Мухаммад ибн Сахл, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайло, Исо ибн Умар ал-Ҳамадонийлардан кироатлар бўйича тахсил олган.
Шогирдлари: Лайс ибн Холид Абул Ҳорис, Абу Умар Ҳафс ад-Дурий, Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллом, Ибро- ҳим ибн Зозон, Аҳмад ибн Абу Сурайж ан-Нахшалий, Қутайба ибн миҳрон ал-Асбаҳоний, Яҳё ал-Фарро, Халаф ибн Ҳишом, Аҳмад ибн Жубайр ал-Антокий ва бошкаларга кироат сирларини ўргатди.Имом Кисоий ҳижрий 189 йил Рай шахрининг Ранбуях қишлоғида, Ҳорун Рашиднинг олдида вафот этди. Шу куни Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш- Шайбоний ҳам вафот этди. Шунда Ҳорун ар-Рашид: «Райда фиқҳ ва наҳвни бир кунда дафн қилдик», дейди.
Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида, Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-ниҳоя»да ёзишича, Абу Мисҳал шундай деган: «Мен Кисоийни тушимда кўриб, унга: «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» деб сўрадим. У: «Қуръон сабабли мени мағфират қилди», деди. Мен: «Ҳамзага нима муомала қилди?» дедим. «У Иллийюнда, биз уни худди юлдузни кўргандек кўриб турамиз, холос», деди».
У Басрага бориб, буюк имом Халил ибн Аҳмаддан араб тили балоғатини, бу тилнинг сир-асрорларини ўрганган. Фузайл ибн Шозон айтади: «Кисоий қироатни Ҳамзадан ўтказгач, саҳрога чиқиб, бадавийлар билан бирга яшай бошлади. Сўнг юртига луғат билимдони бўлиб қайтиб келди».
Нукус Муҳаммед ибн Ахмед aл -Беруний ўрта махсус билим юрти оқитувшиси Абдреймов Нурбол