Қабристонни зиёрат қилишдан асосий мақсад ўлимни, охиратни, ҳисоб-китобни эслаш ва шу кунга тайёргарлик кўришга рағбатни оширишдир. Оқил киши қабристон зиёратидан дунёнинг фоний эканлиги, инсон ким бўлишидан қатъий назар бир кун келиб тупроққа қўйилиши ва тириклигида қилган барча ишлари учун хисоб китоб қилинишини мулоҳаза қилади. Шундан хулоса олиб, дунёнинг зебу зийнатларига берилмай, охират тадоригини кўришга интилади. Хўш, бу иш шариатга тўғри келадими? Агар тўғри келса, унинг ҳукми нима, бу борада бирор кўрсатма келганми? Бу каби саволларга куйида жавоб оламиз.
«Уламолар қабрларни зиёрат қилиш суннат эканига иттифоқ қилишган.
Абу Хурайра розияллоху анхудан ривоят қилинган хадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:
«Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки бу ўлимни эслатади».
Маълумки, юртимиз қадимдан уламоларга бешик бўлган. Дунёга дарс берган забардаст уламолар шу даражада кўп чиққанки, буни нафақат мусулмонлар, балки ғайридинлар ҳам эътироф этишади. Бунинг са- мараси ўлароқ, халқимиз азалдан уламоларни хох ти- риклари бўлсин, хоҳ ўтганлари бўлсин эҳтиром қилиб келади. Бугунги кунда авом халқ дин илмидан, Ислом- нинг асосий арконларидан узоқлашган бўлсада, қабрларни хусусан, авлиёлар, ўтган азиз зотларни мақбараларини зиёрат қилишга ҳарислиги сўнмаган. Аммо мазҳабни инкор қилувчи, уламоларга нисбатан беодобчиликни очиқдан-очиқ изҳор қилувчи тоифалар одамларнинг бундай ишларини жаҳолат, суннатга эргашмаслик ва гумроҳлик деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу иддаъолари қай даражада тўғри? Ўтган улуғ зотларни кабрларини зиёрат килиш жоизмасми? Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан, салафу солиҳлардан бу ҳақда бирор кўрсатма келмаганми? Куйида ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
«Набий соллаллоху алайхи васаллам ҳар йили Ухуд шаҳидларини қабрларини зиёрат килар эдилар»
Ислом тарихидан бизга маълумки, Ухуд жанги мусулмонлар учун жуда катта аҳамиятга эгадир. Чунки бу жангда мусулмонлар енгилгандек кўринсада, аммо то қиёматгача эсласа юракларни ларзага келтирадиган воқеа-ҳодисалар бўлиб ўтган. Шулардан бири Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишларидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан жуда оғир қайғуга ботганлар. Мазкур ҳадисда Набий соллаллоху алайхи васал- лам ана шу жангда шаҳид бўлган саҳобаи киромларни ҳар йили зиёрат қилишлари баён қилинмоқда.
Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний ўрта махсус ислоь билим юрти ўқитувчиси Нарманов Манас