XII – XIII аср тасаввуфининг энг ёрқин ва энг улуғ намояндаларидан бири бўлмиш улуғ мутафаккир олим Нажмиддин Кубро ана шундай буюк зотлардан биридир. Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келади:- унинг асл номи Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ал–Хевакий ал– Хоразмийдир. Отаси Умар онаси Биби Ҳожар (ҳозирда қабри Хива яқинидаги Саёт қишлоғида). “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абулжанноб”, “Валийтарош” сўзлари бул зотга берилган лақаб, унвон ва куниятдир.
Машҳур шайх, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва оташнафас шоир Нажмиддин Кубро (نجم الدين الكبرى) Хива яқинидаги ҳозирги Саёт қишлоғида туғилган. Унинг тўлиқ исми — Аҳмад ибн Умар Абулжанноб Нажмиддин ал-Кубро ал-Хивақий ал-Хоразмий. «Шайхи валийтарош» — «Авлиёлар етиштирадиган шайх» номи билан шуҳрат қозонган бу улуғ инсон тасаввуфдаги машҳур кубравия тариқатига асос солган. Бу тариқат аҳллари хуфия зикрни тарғиб этганлар. Кубравия таълимоти асосан Марказий Осиё ва қисман Эронга тарқалган.
Нажмиддин Кубронинг ўнга яқин асарлари фанга маълум. Унинг, айниқса, «Ал-усул ал-ашара» («Ўнта усул»), «Фавойиҳ ул-жамол ва фавотиҳ ул-жалол» («Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи»), «Рисолат ул-ҳоиф ул-ҳоим ан лавмат ил-лоим» («Қўрқувчи овворалар ва маломат этгувчи маломатийлар ҳақида»), «Тафсир», «Шарҳ ус-сунна вал-масолик» («Сунна ва эзгуликлар шарҳи») китоблари машҳур. Кубро ўз асарларини асосан араб тилида ёзган. Фақат бошловчи сўфийлар учун қўлланма сифатида яратилган «Фи одоб ус-соликин» («Соликлар одоби ҳақида») асари ва рубоийларини форсийда битган. Инглиз шарқшуноси Ж.С.Тримингэм «Соликлар одоби ҳақида» асари тасаввуфнинг эронийлашувида муҳим босқич бўлганлигини қайд этади.
Нажмиддин Кубро ислом аҳкомлари ва тасаввуф талабларини халқ ўртасида назарий жиҳатдан тарғиб-ташвиқ қилиш билангина кифояланмай, ўзининг мардона хатти-ҳаракати билан уни амалда ҳам кўрсатади. Гап шундаки, мўғул галалари Хоразм тупроғига бостириб келганида у бошқа ўлкалардан келган муридларининг бегона заминда ўлиб кетишларини истамай, уларни туғилган юртларига жўнатиб юборади, ўзи эса шаҳар мудофаасига отланади. Шогирдларининг бирга кетиш тўғрисидаги таклифларига жавобан: «Мен шу ерда шаҳид бўламан. Менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ!» — дейди ва қўлига шамшир тутиб, қўйнига тош тўлдириб, ёв қаршисига чиқади. Уларга тош отади, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Душманлар унга камондан ўқ узадилар. Ўқлардан бири Шайхнинг кўкрагига санчилади. Шаҳид бўлаётган пайтда у душман қўлидан байроғини тортиб олиб, шу даражада маҳкам сиқиб ушлаганки, ўн киши бўлиб ҳам унинг қўлидан байроқни олишолмагач, бармоқларини кесишга мажбур бўлишган.
Баъзи бир тадқиқотчилар Кубронинг «Рубоийлар» китоби ҳам мавжудлиги тўғрисида маълумот берган бўлсалар-да, бу ноёб тўплам ҳали топилган эмас. Биз фақат атоқли шарқшунос Е.Э.Бертельс томонидан Кубро қаламига мансублиги тахмин қилиниб, турли тазкира ва баёзлардан танлаб олинган ва олимнинг «Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти» китобида келтирилган 25 та рубоийгагина эгамиз . Эронда нашр этилган «Рубоийнома» тўпламида ҳам шайх-шоирнинг 8 та рубоийси келтирилган бўлиб, улардан фақат биттаси Е.Э. Бертельс келтирган рубоийлар орасида учрамайди . Демак, ҳозиргача бизга буюк ватандошимиз ижодига тегишли 26 та рубоий маълум. Бу рубоийлар нисбатан қисқа фурсат ичида уч марта ўзбек тилига ўгирилди. Дастлаб Жамол Камол уларни анъанавий вазни ва мумтоз услубини сақлаган ҳолда ўзбекчалаштирди . Кейин Нажмиддин Кубро таваллудининг 850 йиллиги муносабати билан Матназар Абдулҳаким бу рубоийларнинг янги таржимасини амалга оширди .
Нажмиддин Кубро қаламига мансуб рубоийлар, асосан, тасаввуф дунёқараши тарғибига — Ҳақиқатни излаш, Оллоҳга бўлган ишқни куйлаш, Ҳақ йўлига даъват қилиш, Оллоҳ муҳаббатини қозониш мақсадида тариқатга кирган соликнинг ҳол ва мақомотнинг турли босқичларидаги ўй ва кечинмалари, ранжу изтиробларини тасвирлаш, сўфий-дарвешларни улуғлаш, Ҳақнинг мазҳари бўлмиш маъшуқа гўзаллигини таъриф-тавсиф этиш, гоҳ висол умиди, гоҳ ҳижрон азобидаги ошиқ ҳолатини ифодалашга бағишланган. Бу рубоийларда ишқни тарк этиш тилаги, бутхонага майл, шаҳид бўлиш орзуси, фақру фано ва бошқа тасаввуфий ҳолат-кечинмалар хусусида ҳам сўз боради.
Билим юрти ўқитувчиси И.Сабирбаев